Хитойнинг Гуанчжоу шаҳрида Ўзбекистон Конституцияси куни нишонланди

Мамлакатимизнинг Гуанчжоудаги Бош консулхона томонидан Хитойнинг жанубий ҳудудларида вақтинчалик истиқомат қилаётган ватандошлар иштирокида Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинган кун муносабати билан маданий тадбир ўтказилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда Конституциянинг давлат ва жамият тараққиётидаги аҳамияти ҳамда фуқаролар ҳаётидаги ўрни ҳақида сўз юритилди. Бош қомусимизда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари давлат фаолиятининг устивор йўналиши экани таъкидланди.
Ватандошлар билан ўтказилган мулоқот давомида, уларнинг таълим олиш, меҳнат фаолиятини амалга ошириш жараёнида юзага келаётган масалалар, консуллик-ҳуқуқий хизматларни янада такомиллаштириш, Хитойнинг меҳнат миграция билан боғлиқ сиёсати юзасидан фикр алмашилди. Дипломатлар тадбир иштирокчилари томонидан берилган саволларга батафсил жавоб берди.
Тадбир якунида мамлакатимизнинг бой маданий-тарихий меросини Хитойда тарғиб қилишни жадаллаштириш мақсадида ватандошлар билан 2026 йилда ташкил этиладиган тадбирлар режасини биргаликда ишлаб чиқишга келишиб олинди.