Наманган тўқимачилик саноати институтини ташкил этиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги “2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги ПФ–60-сон Фармонига мувофиқ, шунингдек, республикада тўқимачилик саноатидаги малакали кадрларга бўлган эҳтиёжни қондириш мақсадида:
1. Наманган шаҳрида Наманган тўқимачилик саноати институти (кейинги ўринларда – Институт) ташкил этилсин.
Белгилансинки, Институтда ўқув жараёни 2023/2024 ўқув йилидан бошланади ва кредит-модуль тизими асосида ташкил этилади.
2. Қуйидагилар Институтнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
тўқимачилик саноати тармоқлари учун меҳнат бозорида рақобатбардош, юқори малакага эга олий маълумотли ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш, шунингдек, мутахассисларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;
таълим дастурларини етакчи хорижий олий таълим ташкилотлари билан ҳамкорликда, жумладан, қўшма таълим дастурлари асосида жорий этиш ҳамда илмий тадқиқотлар олиб бориш;
таълим билан ишлаб чиқаришнинг интеграциясини кучайтириш, соҳа ташкилотларида талабаларнинг малакавий амалиётини йўлга қўйиш, кафедра филиалларини ҳамда профессор-ўқитувчиларнинг стажировкасини ташкил этиш;
ўқув жараёнини талабаларда мустақил билим олиш, тизимли таҳлил қилиш, ижодий фикрлаш ва амалий, жумладан, тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантиришга йўналтириш;
ўқув жараёнига илғор хорижий тажрибани, жумладан, замонавий таълим технологияларини татбиқ этиш, очиқ ахборот-таълим муҳитини таъминлаш;
илмий-педагогик салоҳиятни ошириб бориш, жумладан, профессор-ўқитувчилар стажировкаси ва малака оширишини нуфузли маҳаллий ва хорижий олий таълим ташкилотлари ва илмий-тадқиқот марказларида ташкил этиш.