Владимир Норов: Трансафғон йўлаги барпо этилиши билан катта истиқболлар эшиклари очилади
ТОШКЕНТ, 2 август. /«Дунё» АА/. «Дунё» АА мухбирининг хабар беришича, «Ўзбекистон – Озарбайжон – Туркия» форматидаги биринчи йиғилишда сўзга чиққан Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов қуйидагилар айтди:

- Трансафғон йўлаги барпо этилиши билан катта истиқболлар эшиклари очилади. Жорий йил 26 июль куни Тошкент шаҳрида «Афғонистон: хавфсизлик ва иқтисодий ривожланиш» мавзусига бағишланган халқаро конференцияни ўтказдик, унда Афғонистон Муваққат ҳукуматининг юқори мартабали делегацияси ҳам иштирок этди.
«Толибон» ҳаракати вакиллари «Термиз – Мозори-Шариф – Кобул – Пешовар» темир йўли қурилиши лойиҳасини амалга ошириш Афғонистонни қайта тиклаш учун катта стратегик аҳамиятга эга, деган фикрга келишди.
Ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши Марказий Осиё орқали энг йирик субминтақалар ўртасида юк ташиш вақтини ва нархини сезиларли даражада камайтиради. Шунингдек, бу жами 1,9 миллиард кишилик аҳоли ва 3,5 триллион долларлик ялпи ички маҳсулотга эга Жанубий Осиёнинг истиқболли бозорларига бевосита чиқиш учун ноёб имкониятни очиб беради.