Жанубий Кореядан муносабат: Асосий қонунга киритилиши таклиф этилаётган ўзгартишлар Ўзбекистоннинг ташқи сиёсат соҳасидаги фаолиятини янада такомиллаштиришга хизмат қилади
Жанубий Кореядан муносабат: Асосий қонунга киритилиши таклиф этилаётган ўзгартишлар Ўзбекистоннинг ташқи сиёсат соҳасидаги фаолиятини янада такомиллаштиришга хизмат қилади
СЕУЛ, 21 июль. /«Дунё» АА/. Кеча Сеул шаҳрида “Ўзбекистонда Конституциявий ислоҳотлар” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбирда Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси, Президенти Администрацияси, Ташқи ишлар вазирлиги вакилларидан иборат делегация аъзолари ҳамда Жанубий Корея парламенти, сиёсий, академик ва эксперт-таҳлил доиралари вакиллари, мамлакатдаги етакчи олий таълим даргоҳи ректорлари ва тадқиқотчилари, провинциялар ва йирик шаҳарлар раҳбарияти ҳамда мамлакатнинг етакчи оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Анжуманда қатнашган Жанубий Корея сиёсий ва эксперт доиралари вакиллари “Дунё” АА мухбирига ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Ханьян университетининг Осиё-Тинч океани тадқиқот маркази директори Ум Гу Хо:
- Мен иш фаолиятим давомида Марказий Осиё минтақасидаги давлатларда, хусусан, Ўзбекистонда барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, рўй бераётган иқтисодий ва ижтимоий жараёнларни диққат билан кузатиб бораман.
Бугунги давра суҳбатидан олган таассуротларимдан келиб чиққан ҳолда айтадиган бўлсам, мамлакатингизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар Янги Ўзбекистонни барпо этишда энг муҳим қадамлардан бири бўлади, деб ишонч билан айта оламан.
Ушбу тадбирда иштирок этиб, Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳотларнинг ўз вақтида амалга оширилаётганига ва долзарблигига яна бир бор амин бўлдим.
Ҳар бир мамлакат учун унинг Бош қомусини ислоҳ қилиш энг муҳим сиёсий жараён саналади. Ўзбекистонга ушбу жараённи амалга оширишда улкан зафарлар тилайман.
Жанубий Корея - Ўзбекистон Бизнес ассоциацияси раисининг биринчи ўринбосари Ким Чанг Кеон:
- Ўзбекистонда Бош қомусга киритилаётган ўзгартишлар ва қўшимчаларда хорижлик инвесторлар ва бизнес доиралар вакилларининг ҳақ-ҳуқуқларини мустаҳкамлаш ва уларга янада кенгроқ имкониятлар яратиш масаласига ҳам алоҳида эътибор берилаётгани Жанубий кореялик ҳамкорлар томонидан мамлакатимиз иқтисодиётига киритилаётган сармоялар миқдорининг ошишига замин яратади, деб ҳисоблайман.
Мен кўп йиллардан буён Жанубий Корея ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик жараёнида бевосита иштирок этиб келаман. Сўнгги 6 йил давомида нафақат пойтахт Тошкентда, балки Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида рўй бераётган ўзгариш ва янгиланишлардан бевосита хабардорман. Хизмат зарурати туфайли Ўзбекистонга тез-тез бораман. Лекин ҳар сафар борганимда юртингизда барча соҳалардаги ижобий ўзгаришларни ҳис қиламан.
Ўйлайманки, Янги Ўзбекистоннинг кейинги тараққиёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилаётганлиги ижобий ўзгаришларни янада жадаллаштиришга ҳамда халқ фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилади.
Корея Республикаси Президенти ҳузуридаги Шимолий иқтисодий ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи Бён Хён Соб:
- Жанубий Корея билан Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар жадал суръатлар билан ривожланиб бормоқда. 2019 йилда икки мамлакат ўртасида алоҳида стратегик шериклик муносабатларининг ўрнатилиши Ўзбекистон ва Жанубий Корея ҳамкорлиги тарихида янги саҳифа очди.
Шуни алоҳида қайд этишни истар эдим, Ўзбекистон Жанубий Корея билан бундай даражадаги муносабат ўрнатган дунёдаги 4 давлатдан бири ҳисобланади.
Жанубий Корея Ўзбекистоннинг алоҳида стратегик ҳамкори ва яқин дўсти сифатида мамлакатда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларни тўлиқ қўллаб-қувватлайди. Бугунги давра суҳбатидан шундай хулосага келдимки, ҳозирда дунёда рўй бераётган жараёнлар, мамлакатингизнинг ривожланиш тенденцияси ва бошқа омиллар Ўзбекистон учун конституциявий ислоҳотларнинг қанчалик муҳим эканини яна бир бор кўрсатиб турибди.