Евросиёда барқарор транспорт йўлакларини мустаҳкамлашда Беларусь ва Ўзбекистон ҳамкорлигининг истиқболли йўналишлари

Беларусь ва Ўзбекистон транспорт ва логистика соҳасида МДҲга аъзо давлатларнинг Транспорт мувофиқлаштирувчи кенгаши (МДҲ ТМК), Темир йўллар ҳамкорлиги ташкилоти (ТҲТТ) ҳамда МДҲ Темир йўл транспорти бўйича кенгаши доирасида фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш учун қўшимча асос сифатида икки мамлакатнинг МДҲ ва ШҲТдаги иштироки хизмат қилмоқда. Ушбу тузилмалар кун тартибида халқаро транспорт йўлакларини ривожлантириш ва давлатлар ўртасидаги транспорт боғлиқлигини мустаҳкамлаш масалалари муҳим ўрин эгаллайди.
Ҳамкорликнинг амалий натижаси сифатида Ўзбекистон Республикаси ва унинг асосий савдо ҳамда транспорт шерикларидан бири бўлган Беларусь Республикаси ўртасида юк ташиш ҳажмининг барқарор ижобий ўсишини кўрсатиш мумкин.
Экспорт ва импорт юклари ҳажми бўйича Беларусь Ўзбекистоннинг энг йирик ўнта савдо шериклари қаторига киради. 2025 йил якунларига кўра, икки мамлакат ўртасидаги юк ташиш ҳажми 850 минг тоннага етди ва бу ўтган йилга нисбатан 30 фоизга кўпдир.
Юк ташиш таркибида импорт устуворлик қилади, булар асосан ёғоч-тахта, ёғоч маҳсулотлари ва озиқ-овқат товарларидир. Экспорт ҳажми эса ҳозирча сезиларли эмас ва у асосан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан иборат.
Амалдаги вазият ўзаро юк ташиш ҳажмини, биринчи навбатда, Ўзбекистон экспортини кенгайтириш ва янги логистика йўналишларини ривожлантириш орқали ошириш учун салмоқли салоҳият мавжудлигидан далолат беради.
Геосиёсий зиддиятлар ва глобал таъминот занжирларининг диверсификацияси шароитида, Евросиёда Шарқ-Ғарб ва Шимол-Жануб йўналишлари бўйлаб аралаш транспорт турларидан фойдаланган ҳолда янги халқаро транспорт йўлакларини яратиш стратегик аҳамият касб этмоқда.
Қуйидагилар ҳамкорликнинг истиқболли лойиҳалари ҳисобланади:
I. Денгиз портларига чиқувчи янги, оптимал муқобил транспорт йўналишларини ривожлантириш
Бу борада “Беларусь – Россия – Қозоғистон – Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон – Ҳинд океани портлари” халқаро транспорт маршрутини ривожлантириш энг истиқболли йўналишлардан биридир. Ушбу йўналишда Қозоғистон ҳудудидаги Дина Нурпеисова ва Қорақалпоғистон станциялари ўртасидаги энг қисқа темир йўл участкасидан фойдаланилади.
2023 йил 1 ноябрь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган ШҲТ Транспорт форуми доирасида Ўзбекистон, Россия ва Қозоғистон транспорт вазирлари ушбу йўлакни ташкил этиш ва ривожлантириш тўғрисида Англашув меморандумини имзолаган эдилар. 2024 йилда Беларусь ва Покистон ушбу Меморандумга қўшилди, ҳозирги вақтда Афғонистонни ҳам жалб этиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.
Лойиҳанинг иқтисодий асоси жуда аниқ. Мазкур йўлак мавжуд муқобил йўналишлардан тахминан икки баравар қисқа ва юкларни етказиб бериш вақтини 2-3 бараварга қисқартиради. У Европа Иттифоқи ва МДҲ мамлакатларини қуруқликдаги темир йўл ва автомобиль йўллари орқали Жануби-Шарқий ва Жанубий Осиё билан тўғридан-тўғри боғлайди. Бу эса “Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон” йўналиши орқали Жанубий Осиёнинг аҳоли зич жойлашган давлатлари — Ҳиндистон ва Покистонга юкларни ташиш ҳисобига мамлакатларимизнинг транзит салоҳиятини оширади.
Истиқболда халқаро транспорт йўлаги фаолиятининг ягона стандартларини ишлаб чиқиш, жумладан, ягона юк ҳужжатини жорий этиш ҳамда технологик ва техник меъёрларни умумлаштириш (унификация қилиш) бўйича қўшма ишлар режалаштирилган.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон орқали ўтадиган янги йўналиш ташқи савдонинг географияси ва таркибини диверсификация қилишга хизмат қилади ва минтақанинг транзит салоҳиятини оширишга олиб келади.
Ушбу салоҳият ҳозирнинг ўзида амалиётда намоён бўлмоқда. Биргина 2026 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистон орқали жануб йўналишидаги юклар транзити ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 23 фоизга ошиб, 1,8 миллион тоннани ташкил этди. Шундан 1,3 миллион тоннаси темир йўл, 0,5 миллион тоннаси эса автомобиль транспорти орқали ташилди.
II. Транспорт соҳаси учун кадрлар тайёрлашдаги ҳамкорлик
Узоқ муддатли шерикликнинг муҳим элементларидан бири транспорт соҳаси мутахассисларини тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича ҳамкорликдир.
Беларусь транспорт ходимларини ўқитишда тан олинган бой тажрибага эга. Масалан, Гомел шаҳридаги Беларусь давлат транспорт университети етакчи ихтисослаштирилган таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси ҳисобланиб, унинг таркибига Кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институти ҳамда Темир йўл транспорти илмий-тадқиқот институти киради.
Беларусь давлат транспорт университети ва Ўзбекистоннинг ихтисослаштирилган ташкилотлари, хусусан, Тошкент давлат транспорт университети ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш мутахассислар учун стажировкалар ва малака ошириш дастурларини ташкил этиш имконини беради. Бундан ташқари, бакалавр, магистр ва докторантларнинг академик мобиллигини йўлга қўйиш ҳамда темир йўл транспортини ривожлантириш, мултимодал ташувлар ва халқаро транспорт логистикаси каби устувор йўналишларда қўшма илмий тадқиқотлар олиб боришга замин яратади.
III. Автомобиль транспортида рухсатномалар алмашинувини рақамлаштириш
Алоҳида амалий йўналиш сифатида рухсатнома бланкаларини электрон шаклда алмашиш — “E-permit” тизимига ўтишни кўрсатиш мумкин. Ҳозирги вақтда Ўзбекистон ушбу алмашинувни Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой ва Туркия билан тўлиқ, Тожикистон билан эса қисман жорий этган. Туркманистон билан ҳам ушбу тизимни ишга тушириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Мазкур тизимни Беларусь билан ҳамкорликда жорий этиш рухсатномаларни тақсимлашда шаффофликни таъминлайди, инсон омилини истисно қилади ва улардан фойдаланиш устидан назоратни мустаҳкамлайди. Бу эса икки мамлакат ўртасида автомобиль транспортида юк ташиш ҳажми ортиб бораётган бир шароитда жуда долзарбдир.
Шундай қилиб, Беларусь ва Ўзбекистон ўртасидаги транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорлик шунчаки ўзаро юк ташишни кўпайтириш доирасидан чиқиб, стратегик аҳамият касб этмоқда.
Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш — Ҳинд океани портларига чиқувчи мултимодал йўлакдан тортиб рухсат бериш тартиб-таомилларини рақамлаштиришгача — мамлакатларимизнинг географик жойлашувини ҳақиқий рақобатдош устунликка айлантириши, Беларусь-Ўзбекистон-Жанубий Осиё йўналишини қулай, тезкор ва олдиндан прогноз қилиш мумкин бўлган йўлга айлантириши мумкин.
Ушбу йўналишлардаги ҳамкорликдаги ва изчил ишлар икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлайди ва Евросиё маконида барқарор транспорт боғлиқлигини ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшади.
Дилдора Ибрагимова,
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт ва логистикани ривожлантириш муаммоларини ўрганиш маркази бўлим бошлиғи