Туризм соҳасидаги юксалиш тўлқинида: Ўзбекистон ва Беларусь ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Сайёҳлар оқими учун халқаро рақобат кучайиб бораётганига қарамай, халқаро туризм нафақат иқтисодиёт тармоғи, балки халқаро ҳамкорликни ривожлантиришнинг муҳим воситаси сифатида ҳам тобора кўпроқ эътироф этилмоқда. Бугунги кунда туристик йўналишларнинг муваффақияти нафақат ташриф буюрувчилар сони, балки давлатларнинг барқарор шериклик муносабатларини ўрнатиш, янги диққатга сазовор масканларни яратиш ва ташқи бозорларда ўз салоҳиятини самарали тарғиб қилиш қобилияти билан ҳам белгиланади.
Ўзбекистон бундай трансформациянинг энг ёрқин намуналаридан биридир. БМТ Туризм ташкилотининг (UN Tourism) Жаҳон туризм барометри (World Tourism Barometer) охирги маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январь-март ойлари давомида мамлакат халқаро туризм ўсиш суръатлари бўйича дунёдаги кучли бешлик давлатлар қаторидан жой олди. Ўзбекистонга келган хорижий сайёҳлар оқими ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 37 фоизга ўсди, ваҳоланки дунё бўйича ўртача кўрсаткич бор-йўғи 2 фоизни ташкил этган.
Ушбу кучли суръат Ўзбекистоннинг глобал туризм харитасидаги мавқеи мустаҳкамланиб бораётганини тасдиқлайди. 2025 йилда мамлакат рекорд даражадаги 11,7 миллион нафар хорижий сайёҳни қабул қилди, биргина 2026 йилнинг дастлабки беш ойида эса юртимизга 5,3 миллиондан ортиқ киши ташриф буюрди. Визасиз режимларнинг кенгайтирилиши, транспорт инфратузилмасининг ривожланиши, туристик хизматларнинг модернизация қилиниши ва миллий туристик маҳсулотнинг хорижий бозорларда фаол тарғиб этилиши халқаро ҳамкорлик учун янги имкониятлар яратмоқда.
Бундай ўзаро ҳамкорликнинг яққол мисолларидан бири Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги туристик алоқаларнинг ривожланишидир. Сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик тобора тизимли характер касб этиб, нафақат сайёҳлар алмашинувини, балки туризм салоҳиятини тарғиб қилиш, ишбилармонлик алоқаларини ривожлантириш ва гуманитар ришталарни кенгайтириш бўйича қўшма саъй-ҳаракатларни ҳам қамраб олмоқда.
Икки мамлакат ўртасидаги юқори даражадаги сиёсий мулоқот ушбу ҳамкорликни мустаҳкамловчи муҳим омил бўлиб қолмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг халқаро шерикликни кенгайтириш ва туризмни иқтисодиётнинг ҳаракатлантирувчи кучларидан (драйверларидан) бири сифатида ривожлантиришга қаратилган изчил сиёсати хорижий давлатлар билан алоқаларни ўрнатиш учун қўшимча имкониятлар яратмоқда. Бу контекстда, 2024 йил февраль ойида Ўзбекистон ва Беларусь раҳбарларининг расмий музокаралари чоғида эришилган туризм соҳасидаги дастурий келишувларнинг мувофиқлаштирилиши ва ҳаётга тадбиқ этилиши амалий натижа бўлди ва бу икки мамлакатнинг тегишли идоралари ўртасидаги институционал ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим босқичга айланди.
Профессионал мулоқотни ривожлантиришдаги муҳим воқеа 2024 йилда бўлиб ўтган ва давлат органлари, туризм бизнеси ҳамда таълим ташкилотлари вакилларини бирлаштирган, ҳамкорликнинг янги йўналишларини муҳокама қилиш майдонига айланган Биринчи “Беларусь ва Ўзбекистон” туризм форуми бўлди. Кейинги даврда ўзаро ҳамкорлик 2025 йилдаги халқаро кўргазмалар ва ишбилармонлик тадбирлари доирасида изчил ривожланишда давом этди. Бунга Ўзбекистоннинг Минскдаги “ОТДЫХ-2025” кўргазмасидаги иштироки, Витебскдаги Учинчи тадбиркор аёллар бизнес-форуми, шунингдек, Беларуснинг Тошкентдаги 30-сонли “Ипак йўлида туризм” халқаро туристик ярмаркасидаги фаол иштироки мисол бўла олади ва бу шерикликнинг барқарор ва ўзаро манфаатли хусусиятини тасдиқлайди.
Икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришда ахборот ва медиа кўмаги, жумладан, ОАВ вакиллари ва блогерлар учун ўзаро пресс-турлар ташкил этилиши муҳим рол ўйнамоқда. Ўтган йиллар давомида беларуслик ва ўзбекистонлик журналистлар ҳамда телеканаллар ижодий гуруҳларининг икки мамлакатга ташрифлари амалга оширилди, бу эса миллий медиа маконларида Ўзбекистон ва Беларуснинг туризм салоҳияти кенг ёритилишига хизмат қилди. Беларусь ОАВ вакилларининг Ўзбекистонга уюштирган ташрифлари ҳам салмоқли ҳисса қўшиб, икки мамлакатнинг туристик имкониятларига бўлган қизиқишнинг барқарорлашишига ёрдам берди. Қўшимча тарғибот воситалари сифатида замонавий рақамли форматлардан ҳам фойдаланилди, хусусан, Минскдаги “Galleria Minsk” савдо-кўнгилочар марказининг ЛEД экранларида Ўзбекистон ҳақидаги видеороликларнинг намойиш этилиши кенг аудиторияни қамраб олишни таъминлади ва Беларусда мамлакатимизнинг танилишини оширди.
Эътиборлиси, ҳамкорлик нафақат идоралараро даражада ривожланмоқда. Сўнгги йилларда икки мамлакатнинг туристик компаниялари, таълим муассасалари ва меҳмоннавозлик индустрияси вакиллари ўртасидаги алоқалар сезиларли даражада фаоллашди.
Бундай ишларнинг натижалари статистика маълумотларида ҳам аста-секин ўз аксини топмоқда. 2025 йилда Беларусь Республикасининг 32 мингдан ортиқ фуқароси Ўзбекистонга ташриф буюрди. Ижобий динамика жорий йилда ҳам давом этмоқда: 2026 йилнинг январь-май ойларида беларуслик сайёҳлар сони 14 251 нафарга етди, ваҳоланки ўтган йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 12 988 нафарни ташкил этган эди.
Беларуслик саёҳатчиларнинг Ўзбекистонга бўлган қизиқиши ортиб бораётгани кўп жиҳатдан мамлакатнинг туристик таклифлари тубдан ўзгаргани билан боғлиқ. Агар бир неча йил олдин республика асосан Буюк ипак йўлининг тарихий шаҳарларини ўрганиш йўналиши сифатида қабул қилинган бўлса, бугунги кунда сайёҳлар анча хилма-хил таассуротлар ва имкониятлардан баҳраманд бўлмоқдалар. Маданий-тарихий маршрутлар билан бир қаторда гастрономик, экологик, зиёрат, тадбирлар (ивент) ва тоғ туризми фаол ривожланмоқда, бу эса мамлакатга янги тоифадаги саёҳатчиларни жалб қилиш ва такрорий ташрифларни рағбатлантириш имконини беради.
Сўнгги йиллар тажрибаси шуни кўрсатадики, сайёҳлар алмашинувининг барқарор ўсиши алоҳида лойиҳалар эмас, балки икки томонлама ҳамкорликнинг изчил ривожланиши натижасидир. Шу боис, бугунги кунда Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги туризм соҳасидаги муносабатларни давлат қўллаб-қувватлаши, бизнес фаоллиги ва жамиятнинг ўзаро қизиқиши қандай қилиб узоқ муддатли шерикликни шакллантиришига яққол мисол сифатида кўриш мумкин. Икки мамлакатнинг туристик имкониятлари кенгайиб бориши билан ушбу ҳамкорлик янада мазмунли бўлиб, иқтисодиёт учун янги ўсиш нуқталарини яратади ва Ўзбекистон ва Беларусь халқлари ўртасидаги ришталарни янада мустаҳкамлайди.