Ўзбекистон технология компаниялари учун операцион хаб сифатида: Асосий рақамлар, шарт-шароитлар ва афзалликлар

Операцион офисни янги юрисдикцияга кўчириш (релокация қилиш) ҳар доим мураккаб жараён бўлиб, у нотаниш регуляторлик муҳити билан тўқнашишни ҳамда жамоани бошқариш ва ички жараёнлар изчиллигини сақлаб қолиш билан боғлиқ хавотирларни келтириб чиқаради. Ўзбекистон ушбу муаммоларнинг аксариятини самарали ҳал этмоқда — мазкур мақолада ушбу фикрни асословчи омиллар ҳамда 1000 дан ортиқ технология компаниялари нима учун айнан ушбу мамлакатни ўз операцион базаси сифатида танлаганликлари сабаблари кўриб чиқилади.
Нима учун компаниялар Ўзбекистонни танламоқда?
МДҲ мамлакатларидан келаётган бизнес вакиллари учун Ўзбекистон таниш бизнес маданияти, шаклланган профессионал иш мароми ва тушуниш ҳамда қўллаш нисбатан осон бўлган қонунчилик тизимини таклиф этади. Жамоалар иш жараёнларига тезроқ интеграциялашадилар, компания асосчилари эса дастлабки ойларни маъмурий ёки логистика масалаларини ҳал қилишга сарфлашга мажбур бўлмайдилар.
Яна бир афзаллик — базавий операцион тузилмаларни созлаш учун узоқ вақт талаб қилинадиган тайёргарлик даврининг мавжуд эмаслигидир. IT Park нафақат компанияни рўйхатдан ўтказишда ёрдам беради, балки тўлиқ жиҳозланган, фойдаланишга тайёр офис инфратузилмасини, жумладан, мебель, техник жиҳозлар ва алоқа воситаларини ҳам тақдим этади.
Барча асосий маъмурий жараёнлар ягона интерфейс — “Ягона дарча” (One Stop Shop) орқали амалга оширилади. Бу тизим компанияни рўйхатдан ўтказиш, солиқ маъмуриятчилиги, банк ҳисобварақларини очиш ва ҳужжатлар билан ишлаш талабларини қамраб олиб, бир нечта муассасаларга бориш заруриятини йўқотди. Юзлаб компанияларни ушбу жараёндан муваффақиятли ўтказиш тажрибасига эга бўлган махсус жамоа юзага келиши мумкин бўлган умумий муаммоларни олдиндан кўра билади ва уларни тезкорлик билан ҳал қилади.
Оиласи билан кўчиб келаётган жамоалар учун эса “Softlanding” дастури таклиф этилади. У уй-жой топиш, ҳужжатларни расмийлаштириш ва кўчиб ўтгандан кейинги мослашиш (адаптация) жараёнларида кўмаклашиб, ходимларнинг қисқа фурсатда жойлашиб олишларига ва ўз касбий мажбуриятларига силлиқ ўтишларига имкон беради.
“Zero Risk” дастури: Молиявий узилишларсиз иш бошлаш
“Zero Risk” (Ноль хавф) дастури кўчиб ўтишнинг дастлабки операцион босқичини тезлаштириш учун мўлжалланган. Унда иштирок этувчи компаниялар тўлиқ жиҳозланган ва тайёр офис билан таъминланади, бу эса фаолиятни зудлик билан бошлаш имконини беради. Бундан ташқари, дастур ходимларни ишга қабул қилиш ва ўқитиш харажатларининг бир қисмини қоплайди ҳамда иш ҳақи харажатларининг 15 фоизгача бўлган қисмини қайтариб беради (компенсация қилади). Бу эса бизнесга ортиқча молиявий босимсиз ўз жамоасини шакллантириш ва тўлиқ операцион қувватга чиқиш имкониятини тақдим этади.
IT Park резидентлари учун солиқ шароитлари
IT Park резидентлари минтақадаги технология бизнеси учун мавжуд бўлган энг фойдали солиқ шароитларидан баҳраманд бўладилар: корпоратив фойда солиғи, ҚҚС (қўшилган қиймат солиғи) ва ижтимоий солиқ ставкалари 0% ни ташкил этади. Ходимлар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи эса 7,5% этиб белгиланган, бу Европанинг аксарият мамлакатларидаги мавжуд ставкалардан сезиларли даражада пастдир.
Ушбу шароитлар компанияларга юқори солиқ юкини кўтариш ўрнига, ўз ресурсларининг катта қисмини жамоани ривожлантириш ва бизнесни ўстиришга йўналтириш имконини беради.
Ўзбекистондаги яшаш ва операцион харажатларнинг қулайлиги ушбу устунликни янада мустаҳкамлайди. Бу корхоналарга ходимларни ишга олиш, уларни компанияда сақлаб қолиш ва кундалик операцион харажатларни камайтиришга ёрдам беради, шу билан бирга халқаро бизнес юритиш учун қулай меҳнат ва ҳаёт шароитларини таъминлайди.
ИТ-виза ва жамоалар учун шароитлар
Компания асосчилари, инвесторлар ва ИТ-мутахассислари учун уч йил муддатга бериладиган махсус “IT Visa” мавжуд бўлиб, у виза соҳибларига алоҳида ишга жойлашиш учун рухсатнома олмасдан Ўзбекистонда яшаш ва меҳнат қилиш ҳуқуқини беради. Ушбу виза амал қилиш муддати оила аъзоларига ҳам татбиқ этилади ҳамда уларга Ўзбекистон фуқаролари билан тенг шартларда тиббий хизмат ва таълим олиш имкониятини, шунингдек, қийматидан қатъи назар, кўчмас мулк сотиб олиш ҳуқуқини тақдим этади.
Ўзбекистон халқаро кенгайиш базаси сифатида
Тобора кўп сонли компаниялар учун Ўзбекистонга кўчиб ўтиш шунчаки операцион фаолиятни кўчиришдан кўра кенгроқ маънога эга бўлмоқда. Мамлакат халқаро ривожланиш учун стратегик платформа сифатида тобора кўпроқ эътироф этилмоқда. ИТ ва BPO (бизнес жараёнлари аутсорсинги) секторлари жадал суръатлар билан кенгаймоқда; Европа, МДҲ, Осиё ва АҚШдаги мижозларга хизмат кўрсатиш учун минтақавий офислар ва етказиб бериш марказлари (delivery centers) ташкил этилмоқда. Ўзбекистоннинг Европа ва Осиё бозорлари оралиғидаги қулай географик жойлашуви бир вақнинг ўзида бир нечта бозорларга чиқишни осонлаштиради.