Гуанчжоу шаҳридаги ҳалқаро бизнес-форумда Ўзбекистоннинг савдо-иқтисодий ва инвестициявий имконияти намойиш қилинди

Гуанчжоу шаҳрида ўтказилган “Guangzhou SME Go Abroad” халқаро бизнес-форумида Ўзбекистон Бош консулхонаси дипломатлари ҳам иштирок этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Халқаро савдони ривожлантиришга кўмаклашиш қўмитаси томонидан ташкил этилган ушбу форумда Хитойнинг 300 дан ортиқ компаниялари вакиллари қатнашди.
Тадбирда дипломатларимиз Ўзбекистоннинг барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланиш кўрсаткичлари, инвестицион жозибадорлик, ҳудудларнинг саноат салоҳияти, туризм индустрия имкониятлари, эркин иқтисодий зоналардаги имтиёз ва преференциялар тизими ҳақида маълумот берди.
Форум иштирокчилари Ўзбекистонда амалга оширилаётган изчил ислоҳотларни юқори баҳолади. Мамлакатимизнинг минтақадаги стратегик жойлашуви, инвесторлар учун яратилган қулай ва хавфсиз тадбиркорлик муҳити ҳамда ривожланган инфраструктураси хитойлик компаниялар учун кенг имкониятлар очиб бераётгани алоҳида таъкидланди.
“Guangzhou CCPIT” раиси ўринбосари Чжоу Сияофень билан ўтказилган музокараларда ҳамкорликни янада кенгайтириш, мамлакатимизга Хитой бизнес доира вакилларининг ташрифини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.