"Ўзбекистоннинг Хитойда туризм йили" дастури доирасида мамлакатимизнинг Гуанчжоу шаҳридаги Бош консулхонаси томонидан тадбир ташкил этилди.

"Ўзбекистоннинг Хитойда туризм йили" дастури доирасида мамлакатимизнинг Гуанчжоу шаҳридаги Бош консулхонаси томонидан мамлакатимизнинг сайёҳлик салоҳияти ва маданий меросини тарғиб этишга қаратилган тадбир ташкил этилди. Тадбирда Гуандун провинцияси туризм ва маданият бошқармаси, маҳаллий сайёҳлик компаниялари ва агентликлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, блоггерлар, шунингдек, минтақада яшовчи ватандошлар иштирок этди.
еҳмонларга Ўзбекистонда туризм ва маданият соҳасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, хорижлик сайёҳлар учун яратилган шарт-шароитлар, шунингдек, соҳанинг салоҳияти ва унинг афзалликлари, жумладан, замонавий туризм инфратузилмаси мавжудлиги ҳақида тақдимот ўтказилди. Хитойлик ҳамкорлар жорий йилнинг 1 июнидан икки мамлакат ўртасида визасиз режим жорий этилгани, шунингдек, Тошкент–Гуанчжоу йўналиши бўйича тўғридан - тўғри рейслар йўлга қўйилганини юқори баҳоладилар.
Ўзбекистоннинг маданий-тарихий мероси, миллий анъана ва урф-одатлари, ёдгорликлари ва қадимий меъморчилиги акс этган кўргазма иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Ўзбек диаспораси вакиллари ижросидаги миллий қўшиқ ва рақслар ҳам меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Тадбир меҳмонлари учун анъанавий ўзбек дастурхонига тортиқ этилди ва Ўзбекистон гастрономик туризмининг ажралмас қисми бўлган палов тайёрлаш бўйича master-klass ташкил этилди. Тадбир Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлаш ва сайёҳлик соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга ёрдам берди.