Энергетика соҳасида 18 та мажмуа ишга туширилди, яна 6 тасининг қурилиши бошланди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 13 декабрь куни янги энергетика қувватларини ишга тушириш ҳамда навбатдагиларини қуришга бағишланган тантанали маросимда иштирок этди.
Булар мамлакатимизда энергетика тизими барқарорлигини ошириш бўйича қилинаётган кенг кўламли ишларнинг давомидир. Ўтган йили декабрда 5 та қуёш ва 1 та шамол электр станцияси ишга туширилган эди. Давлатимиз раҳбарининг ҳудудларга ташрифларида ҳам кўплаб лойиҳаларга асос солинмоқда.
Бу галги маросимда умумий қиймати 7 миллиард доллардан зиёд 24 та лойиҳа тайёрланган. Хусусан, Бухоро, Навоий, Наманган ва Тошкент вилоятларида қарийб 2,3 минг мегаватт қувватга эга 5 та қуёш ва шамол электр станцияси ҳамда 5 та юқори кучланишли подстанция қуриб битказилган. Ўзбекистонда илк бор Андижон ва Фарғонада 300 мегаваттли энергия сақлаш тизими барпо этилган. Қашқадарёда 400 мегаваттли электр станцияси, Тошкент шаҳрида замонавий когенерация қурилмаси, Андижон, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида 4 та кичик ГЭС шай ҳолатга келтирилган.
Шунингдек, Фарғона, Самарқанд, Навоий, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 2,5 минг мегаваттли 6 та электр иншооти қурилиш арафасида.
Ушбу янги лойиҳалар орқали келгуси йилларда қўшимча 9,5 миллиард киловатт соат электр ишлаб чиқарилиб, 2,5 миллиард куб метр табиий газ тежалади, 4,6 миллион тонна зарарли газлар чиқишининг олди олинади.
Энг муҳими, 4 миллиондан зиёд хонадон узлуксиз тоза энергия билан таъминланади. Бу иқтисодиётнинг бошқа соҳаларида ҳам 4 миллиард долларлик қўшилган қиймат яратишга туртки беради.
Умуман, юртимизда келгуси йили жами 84 миллиард киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Бу 2016 йилга нисбатан 25 миллиард киловатт соат ёки 1,5 баробар кўпдир.
Маросимда Президент Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлаб, бу лойиҳаларнинг барчаси тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобига қурилаётганини алоҳида таъкидлади. Шу муносабат билан, Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони, Туркия, Хитой ва Германия компанияларига, Осиё тараққиёт банки, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки, Ислом тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Жаҳон банкига ҳамкорлик учун миннатдорлик билдирди.
Мамлакатимизда хусусий секторга кенг йўл очилгани натижасида охирги 5 йилда энергетика соҳасига қарийб 20 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар кириб келган. Аввал тўлиқ давлат тасарруфида бўлган бу тизимда 24 та мустақил энергия ишлаб чиқарувчи фаолият бошлаган.
Жумладан, “яшил энергетика” соҳасида 3,5 минг мегаваттли ёки 10 миллиард киловатт соатга тенг 16 та йирик қуёш ва шамол электр қувватлари ишга туширилди. Бунинг натижасида жорий йилда тармоқда “яшил энергия” улуши 16 фоиздан ошди.
Маълумки, ўтган йили мамлакатимизнинг ялпи ички маҳсулоти илк бор 100 миллиард долларлик тарихий маррани забт этди. 2030 йилга бориб, иқтисодиётимиз ҳажмини 200 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган.
Бу келгуси 5 йилда юртимизда электр энергиясига бўлган эҳтиёжни ҳозиргидан 1,5 баробар оширади. Қолаверса, Париж битими доирасида 2030 йилгача зарарли газлар эмиссиясини 35 фоизга камайтириш мўлжалланган.
Шу боис давлатимиз раҳбари энергетика соҳасидаги навбатдаги режаларга тўхталиб ўтди.
Биринчидан, 2030 йилга қадар яна 19 минг мегаватт “яшил қувват”ларни барпо этилиб, қайта тикланувчи энергия улуши 54 фоизга етказилади. Хусусан, 2025 йилда 3,4 минг мегаваттли 18 та қуёш ва шамол станцияси, 1,8 минг мегаваттли сақлаш тизимлари ишга туширилади. Бунинг натижасида келгуси йили “яшил энергия” ишлаб чиқариш ҳажмлари 12 миллиард киловатт соатга етади.
Шунингдек, келгуси 2 йилда хусусий тадбиркорлар билан бирга 2 мингдан ортиқ кичик ва микро ГЭСлар ташкил қилиш бўйича катта дастур амалга оширилади.
Иккинчидан, электр энергия бозорини эркинлаштириш бўйича навбатдаги қадамлар қўйилад. Хусусан, келгуси йил якунига қадар рақобатли савдолар орқали электр энергияси улгуржи бозори яратилади.
Давлат-хусусий шериклик тақсимлаш тармоқларига ҳам жорий қилиниб, уларни модернизация қилиш учун 4 миллиард доллар инвестиция жалб этилади. Бу борада Самарқанд ҳудудий электр тармоқларини хусусий бошқарувга бериш бўйича илк лойиҳа ишлаб чиқилиб, халқаро тендер эълон қилинди.
Учинчидан, “яшил энергетика” йўналишида минтақавий ва халқаро ҳамкорлик кенгайтирилади. Бу борада биринчи амалий қадамлар қўйилди – “COP29” доирасида Қозоғистон, Озарбайжон ва Саудиялик ҳамкорларимиз билан “яшил энергия”ни Европа минтақасига экспорт қилиш бўйича битим имзоланди.
Марказий Осиё электр энергияси ишлаб чиқариш учун бир вақтнинг ўзида қуёш, шамол, сув каби табиий ресурслар бўйича катта салоҳиятга эга. Бу борада минтақавий энергия тизими барқарорлигини таъминлаш мақсадида қўшни давлатлар билан ягона платформа ишга туширилади.
Тўртинчидан, “яшил энергетика” бошқа соҳа ва тармоқларнинг ривожи, аҳоли турмуш даражаси яхшиланиши учун янги драйверга айланмоқда. Хусусан, аҳоли ва тадбиркорлар томонидан 1 минг мегаваттли қуёш панеллари ўрнатилиб, йилига 1,5 миллиард киловатт соат электр энергияси олинмоқда. Бундай ишлар изчил рағбатлантирилиши, дуал таълим асосида мутахассислар тайёрланиши айтилди.
– Бугунги тадбир юртимиз энергетика тарихида янги саҳифа очади. Bшга туширилаётган бу лойиҳалар орқали нафақат иқтисодий ўсишга эришамиз, балки келажак авлодларимиз учун яшил ва барқарор Ўзбекистоннинг мустақил пойдеворини яратамиз, – деди Шавкат Мирзиёев.
Маросимда Бирлашган Араб Амирликларининг энергетика ва инфратузилма вазири Суҳайл бина Муҳаммад ал-Мазруий, Туркия Республикаси энергетика ва табиий ресурслар вазири Алпарслон Байрактар, Саудия Арабистони Подшоҳлиги энергетика вазири шаҳзода Абдулазиз бин Салмон Ол Сауд ҳам нутқ сўзлади.
Президент Шавкат Мирзиёев рамзий дастакни босиб, 18 та мажмуанинг фаолияти ва 6 та лойиҳанинг қурилишини бошлаб берди.