Президент педагоглар билан мулоқот қилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Педагогик маҳорат миллий институтида ўқитувчи ва мураббийлар билан мулоқот қилди.
Мамлакатимизда барча соҳа ва тармоқларда улкан мақсадлар белгиланган. Уларни амалга ошириш ва тараққиётни давом эттириш ёш авлоднинг билим ва тафаккурига, тарбиясига, ватанпарварлигига боғлиқ.
Бунинг учун ўқитувчилар ҳуқуқий, ижтимоий ва молиявий томондан ҳимоя қилинган ва етарли таъминланган бўлиши керак. Шу боис янгиланган Конституциямизда ўқитувчи мақоми алоҳида мустаҳкамлаб қўйилди. Бу йил “Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.
Давлатимиз бойлиги, биринчи навбатда, ёш авлод тарбиясига сарфланмоқда. Сўнгги 7 йилда таълимни ривожлантиришга жами 216 триллион сўм маблағ йўналтирилди. Моддий-техник базани мустаҳкамлаш учун бюджетдан 19,5 триллион сўм сарфланиб, 6 мингта давлат мактаби ва 3,5 мингта боғча реконструкция қилинди ҳамда янгидан қурилди. Мактабларда 800 мингта, боғчаларда 535 мингта қўшимча ўрин яратилди.
Хусусий таълимга кенг имкониятлар яратилаётгани туфайли хусусий мактаблар сони 27 тадан 500 тага етди, нодавлат боғчалар 250 тадан 30 мингтага кўпайди.
Ўқитувчиларга маҳорати ва эришган ютуқларига қараб тўланадиган устамалар сони 3 тадан 17 тага оширилди. Ўз устида астойдил ишлаган, хорижий сертификат олган 6 минг ўқитувчи 10 миллион сўмдан зиёд маош олмоқда.
14 та Президент мактаби, 9 та ижод мактаби фаолияти йўлга қўйилди. Уларнинг дастурлари асосида табиий ва аниқ фанлар бўйича замонавий дарсликлар яратилмоқда. Президент мактабларидаги баҳолаш тизими ҳозир 500 та умумтаълим мактабида қўлланмоқда. Баҳолашни самарали йўлга қўйган 66 та мактаб жамоасига 40 фоизгача устама тўланмоқда.
Мамлакатимизда иқтидорли ёшларни селекция йўли билан танлаб олиш бўйича илгари бўлмаган янги тизим йўлга қўйилди. Натижада бу йилнинг ўзида халқаро фан олимпиадаларида ўқувчиларимиз 122 та медални қўлга киритди.
Мактаб битирувчиларини олий таълимга қамраб олиш даражаси сўнгги 7 йилда 4 карра ошди. Бу йил 310 минг нафар ёшлар талаба бўлди. Уларнинг қарийб ярми қизлардир.
Мулоқотда давлатимиз раҳбари таълим сифати масаласига алоҳида тўхталди.
Давлат таълим муассасаларида 46 минг нафар, хусусий ташкилотларда эса 38 минг нафар педагог 5 йил давомида малака оширмагани қайд этилди. Бу йил сунъий интеллект ва рақамли технологиялар ёрдамида ўтказилган аттестация жараёнларида 21 минг нафар педагог малака бўйича етарли балл тўплай олмаган. Афсуски, бундай ҳолатлар ўқувчиларнинг билимига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Шу боис таълим сифатини янги босқичга кўтариш бўйича 7 та йўналишда вазифалар белгиланди.
Биринчи йўналиш. Абдулла Авлоний номидаги институт педагогларда касб маҳоратини оширишга масъул бўлади. Институтнинг 12 та ҳудудий марказини замонавий қиёфага келтириш ва жиҳозлаш учун яқин 3 йилда бюджетдан ҳар йили 50 миллиард сўм ажратилади. Малака оширишда вазирлик – малака ошириш маркази – мактаб ва боғчани боғлайдиган вертикал тизим йўлга қўйилади.
Бундан ташқари, жойларда 1 минг 300 та таянч мактаб ва 200 та боғча танлаб олиниб, ёш педагоглар учун “Касбий ривожланиш куни” ва “Касбий ривожланиш соати” ташкил этилади. Бунинг учун етакчи ўқитувчиларнинг иш ҳақига 20 фоиз устама қўшилади.
Иккинчи йўналиш. Муаллимларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг меҳнатини рағбатлантириш давом эттирилади. Келгуси ўқув йилидан халқаро стандартлар асосида малака сертификатини бериш йўлга қўйилади. Синовларда 86 ва ундан юқори балл олган педагоглар қўшимча 70 фоиз устама олади.
Давлатимиз раҳбари “Йил ўқитувчиси” танлови ўтказилиб, 208 та туман ва шаҳардан ғолиб бўлган ўқитувчиларга совға сифатида уй-жой берилишини эълон қилди.
Шунингдек, ҳар йили санаторий ва дам олиш масканларига юбориладиган ўқитувчилар сони 2 баробар оширилади.
Бир йил олдин мактаб директорларини ўқитиш тизими жорий этилган эди. Бугунги кунда улардан 1 минг 206 нафари менежерлик сертификатига эга бўлди. Ҳозир ана шу директорларга ўртача 3 миллион сўм устама берилмоқда.
Энди бу амалиёт 2025 йил 1 сентябрдан боғча мудираларига ҳам татбиқ этилади ва уларга ҳар ойда 30 фоизгача қўшимча устама тўланади.
Билимдон ва жонкуяр ўқитувчилар халқнинг ноёб бойлиги экани таъкидланиб, улар ҳақида “Устозга эҳтиром” номли китоб ва фильмлар яратиш зарурлиги айтилди.
Учинчи йўналиш. Аҳоли ўсиши туфайли йилига мактабларда 120 мингта, боғчаларда 30 мингта қўшимча ўринга талаб юзага келмоқда.
Келгуси йили бюджетдан ажратиладиган 3 триллион 200 миллиард сўм ҳисобидан 375 та мактаб ва 97 та боғча реконструкция қилинади ва янгилари қурилади.
Бундан ташқари, Ислом тараққиёт банки ва ОПЕК жамғармасининг 50 миллион доллар маблағи доирасида келгуси 4 йилда 200 та хусусий боғча қурилиб, янги 30 мингта ўрин яратилади.
Янги йилдан бошлаб, хусусий секторда ўқувчи ўринларини кўпайтириш учун мактаб очадиган тадбиркорларга 20 миллиард сўмгача кредит ажратилади. Кредит фоизининг асосий ставкадан 1,5 баробар ошган қисми бюджетдан қопланади.
Шунингдек, янги қуриладиган хусусий мактаб бинолари учун коммунал харажатларнинг 50 фоизи 5 йил муддатгача бюджетдан тўлаб берилади.
Шу билан бирга, тадбиркорлар ўз ҳисобидан мактаб қурса, унга кетган харажатлар фойда солиғидан икки йил давомида тенг улушларда чегириб ташланади.
Тўртинчи йўналиш. Таълимда сифат ва рақобатни таъминлаш учун рақамлаштириш даражаси оширилади.
Ўтган 5 йилда 13 минг 500 дан ортиқ компьютер синф хоналари 200 мингта замонавий компьютер билан таъминланди. Келгуси йил яна 2 мингдан зиёд компьютер синфлари янгиланади, бунга бюджетдан 400 миллиард сўм берилади.
Ана шу компьютерларга электрон таълим контентлари юкланиб, болалар учун мустақил таълим олиш имконияти ошади. Ўқувчилар мурракаб концепцияларни осон ўзлаштириши учун аниқ ва табиий фанлар бўйича виртуал лабораториялар ташкил этилади. Янги ўқув йилидан бошлаб бундай лабораториялар ҳар бир вилоятда 10 тадан мактабда қилинади.
Шунингдек, мактаб тизимида ўқитувчи ўз имконияти ва ютуқларини, янги ишланмаларини эълон қилиши учун ягона онлайн платформа яратилади.
Сингапурлик 16 нафар эксперт математика ва табиий фанлар ўқитувчиларининг касб маҳоратини оширади. Педагоглар сунъий интеллектга асосланган таълим платформасида билимларини бир йил давомида мунтазам синовдан ўтказади.
Хусусий боғчалардагидек, 6 минг 800 та давлат боғчаларида ҳам давомат, тўловлар, озиқ-овқат харажатларини шакллантириш тўлиқ рақамлаштирилади.
Бешинчи йўналиш. Президент мактаблари ва ихтисослашган мактаблар тажрибаси оммалаштирилади.
Бу йўналишда яна 1 мингта умумтаълим муассасасида Президент мактаблари ва ихтисослашган мактаблардаги баҳолаш тизимини жорий этиш бошланди. Ҳокимликларга уларни таъмирлаш ва зарур даражада жиҳозлаш бўйича кўрсатмалар берилди.
Мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, олий таълим ва малака ошириш тизимида ягона узвий занжирни йўлга қўйиш учун педагогик таълим кластерлари ташкил қилинади. Бу тажриба-синов тариқасида дастлаб Андижон ва Бухоро шаҳарларида барпо этилади.
Олтинчи йўналиш. Иқтидорли ёшларни селекция қилиш тизими янги босқичга олиб чиқилади. Бунинг учун халқаро даражада фан олимпиадаларига тайёрлаш маркази ташкил этилади.
Рағбатлантириладиган халқаро фан олимпиадалари сони 18 тадан 22 тага етказилади. Бунда нуфузли халқаро олимпиадада олтин медаль олган ўқувчига 170 миллион сўм, кумуш медалга 102 миллион сўм, бронза медаль учун 68 миллион сўм мукофот пули берилади.
Шу билан бирга, ана шу ўқувчиларнинг ўқитувчилари 50 миллиондан 150 миллион сўмгача мукофотланиб, уларга бир йилда 100 фоизлик устама олиш имкони яратилади. Илк бор халқаро фан олимпиадаларида ғолиб бўлган ўқувчилар жамоаси раҳбарларини ҳам рағбатлантириш тизими йўлга қўйилади.
Президент педагогика йўналишида таҳсил олаётган иқтидорли талабалар учун Абдулла Авлоний номидаги стипендияни ташкил этиш ташаббусини билдирди.
Еттинчи йўналишда таълимнинг ажралмас қисми бўлган тарбия ва одоб-ахлоқ масалаларига эътибор қаратилди. Шу мақсадда Қори Ниёзий номидаги Тарбия педагогикаси миллий институти янгидан ташкил этилди.
Ёшларда ғоявий иммунитетни шакллантириш, ота-оналар, ўқитувчи ва ўқувчилар учун тарбияга оид рақамли контентлар яратиш муҳимлиги таъкидланди.
Шунингдек, бу борада театр ва кино санъатидан фойдаланиш, ёшлар ижодини қўллаб-қувватлаш, жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, китобхонликни янада кенгайтириш вазифалари кўрсатиб ўтилди.
Учрашув очиқ мулоқот тарзида давом этди. Бу ерга йиғилган ва ҳудудлар орқали боғланган педагоглар фикр ва таклифларини айтди. Президентимиз уларни қўллаб-қувватлаб, таклифларини амалга ошириш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди.