Саноатни ривожлантириш чоралари белгиланди, янги корхоналар ишга туширилди
Президент Шавкат Мирзиёев 10 февраль куни Жиззах вилоятида саноатни ривожлантириш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини кўпайтириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.
Вилоятда янги саноат корхоналари барпо қилиш учун сўнгги олти йилда қарийб 5 миллиард доллар инвестиция жалб қилинган. Бунинг натижасида 2 мингга яқин янги корхоналар ташкил қилиниб, ишлаб чиқариш ҳажми қарийб 2 бараварга ошди.
Олдин вилоятнинг саноат маҳсулоти асосан пахта толаси бўлган бўлса, ҳозирги кунда электротехника, оптик тола, автомобиль, мураккаб кимёвий моддалар, энерготежамкор материаллар каби юқори технологик маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Бу соҳада 54 минг аҳоли банд. Вилоятдаги саноат экспорти 1,8 баравар ошиб, 166 миллион долларга етди.
Давлатимиз раҳбари бу суръатни давом эттириб, жорий йилда вилоят саноатини 14 фоизга ошириш имконияти борлигини таъкидлади. Бунинг учун 750 миллион долларлик 10 та йирик лойиҳа ва 580 миллион долларлик 110 та ҳудудий саноат лойиҳаси бажарилиши қайд этилди. Уларда 7 минг 500 та янги иш ўринлари яратилади. Шунингдек, келгуси икки йилда Жиззахда автомобилсозлик ва металлургия соҳаларида йирик лойиҳалар ишга тушади.
Жиззахда энг тез ўсаётган саноат тармоғи бу – қурилиш ва энергия тежамкор материаллар ишлаб чиқариш. Охирги беш йилда бу соҳада 180 та янги корхона ташкил этилган, 900 миллион долларлик 210 та лойиҳа ишга туширилган. Бунинг ҳисобига қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳажми 10 баравар ошиб, импорт бўлаётган 110 миллион долларлик маҳсулотлар маҳаллийлаштирилди, экспорт эса 7 баравар кўпайиб, 35 миллион долларга етди.
Вилоятда биргина базальт захираси 26 миллион тонна бўлиб, республикадаги жами захиранинг 25 фоизини ташкил этади. Лекин, булар илгари умуман ишлатилмаган. Ҳозир эса, базальтдан талаб юқори бўлган 7 хил замонавий маҳсулотларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Бу Фориш туманида 6 та корхонадан иборат яхлит кластерга айланди.
Шу билан бирга, Бахмал, Ғаллаорол, Шароф Рашидов, Зомин, Зарбдор, Зафаробод, Фориш ва Янгиободда базальт, цемент, керамзит, шиша ва минерал хомашё захирасига бой 200 га яқин конлар бор. Президент уларга тадбиркорларни жалб қилиб, бозорбоп маҳсулотлар тайёрлашни йўлга қўйиш зарурлигини таъкидлади.
Бу йил қурилиш материаллари бўйича 460 миллион долларлик 31 та лойиҳани ишга тушириш вазифаси қўйилди.
Йиғилишда энергетика таъминотини яхшилаш масаласига ҳам эътибор қаратилди.
Жиззах вилоятида камида 2 минг Мегаватт қайта тикланувчи энергия манбалари учун салоҳият борлиги таъкидланди. Бундан фойдаланиб, 270 Мегаватт қуёш энергияси қувватлари ишга туширилиши айтилди. Бунинг ҳисобига 236 миллион киловатт соат ишлаб чиқарилиб, танқислик ортиғи билан қопланади, жами 71 миллион куб метр газ тежалади.
Жумладан, Ғаллаоролда Бирлашган Араб Амирликларининг “Масдар” компаниясининг 200 миллион доллар тўғридан-тўғри инвестицияси ҳисобидан, 220 Мегаваттли йирик қуёш станцияси ишга туширилади. Келгуси йилда бу станция тўлиқ қувватга чиқиб, 500 миллион киловатт соат электр олинади ва вилоят эҳтиёжининг 20 фоизини қоплайди.
Шунингдек, ижтимоий соҳа ва давлат идоралари биноларида 5 Мегаваттли, Саноат зонаси ва тадбиркорлар биноларида 15 Мегаваттли қуёш панеллари ўрнатиш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди. Аҳоли хонадонларига 8 Мегаваттли қайта тикланувчи энергия манбаларини ўрнатиш учун жозибадор шароитлар яратилади.
Тадбиркорларнинг ўз эҳтиёжлари учун 5, 10, 15 Мегаваттли қуёш станциялари қуриш ташаббуслари қўллаб-қувватланади.
Зафарободда бу йил жами 2 Мегаваттли 2 та кичик ГЭС қурилади ва бу йил 2,4 миллион киловатт соат электр ишлаб чиқаради. Осиё тараққиёт банки билан бирга, Форишда 150 Мегаваттли йирик қуёш станцияси лойиҳаси бошланади. Бу станция тўлиқ қувватга чиққанда, 370 миллион киловатт соат электр ишлаб чиқаради. Жиззах шаҳрида ҳам иссиқлик, ҳам электр энергияси ишлаб чиқарувчи когенерация маркази қурилади.
Давлатимиз раҳбари Жиззах электр тармоқларидаги йўқотишлар кўп эканини қайд этиб, буни камайтириш, вилоятда 4 мингдан зиёд корхонанинг энергия самарадорлигини ошириш бўйича топшириқлар берди.
Вилоят жамоатчилиги вакиллари, нуронийлар ва ёшлар билан мулоқот бўлди. Улар юртимиздаги янгиланишлар, яратилаётган шароитлар самараси ҳақида ўз ҳаёти ва фаолиятидаги муваффақиятлар мисолида сўзлаб берди. Давлатимиз раҳбари уларнинг таклиф ва ташаббусларини тинглаб, мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.
Йиғилиш сўнгида яна бир муҳим воқеа – 3 та янги корхонани ишга тушириш маросими бўлди. Улар – Фориш туманидаги “Eco Basalt Group”, Жиззах саноат зонасидаги “Mono Electric” ва “Super medical elements” ширкатларидир.
Биринчи корхона базальтдан йилига 5 минг тонна композит қувурлар ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади. “Mono Electric”да 1 минг 500 турдаги электр техника маҳсулотлари, “Super medical elements”да 40 турдаги тиббий буюмлар ишлаб чиқарилади. Ушбу корхоналар ҳисобига, 700 дан ортиқ аҳоли юқори даромадли доимий иш жойига эга бўлади.
Маросимда видеоалоқа орқали корхоналар вакиллари билан мулоқот қилинди.
Президент Шавкат Мирзиёев рамзий тугмани босиб, янги корхоналарни ишга туширди.