Ўзбекистон ТИВ раҳбари иқлим бўйича барқарор Покистон мавзусидаги халқаро конференцияда иштирок этди
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Бахтиёр Саидов бошчилигидаги делегация 9-10 январь кунлари Женева шаҳрида иқлим бўйича барқарор Покистон мавзусидаги халқаро конференцияда иштирок этди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
ТИВ маълумотига кўра, БМТ шафелигида ўтган халқаро анжуманда ушбу тузилма Бош котиби Антониу Гутерриш, Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф, БАА атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазири Марям ал-Мҳеирий, Қатар ташқи ишлар бўйича давлат вазири Султон бин Саад Ал-Мурейҳий, Швейцария Федерал ташқи ишлар департаменти раҳбари Иньяцио Кассис, шунингдек, Греция, Буюк Британия, АҚШ, Япония делегациялари, халқаро ва минтақавий молия-банк институтлари ҳамда нодавлат ташкилотлари вакиллари қатнашди.
Гибрид шаклида ўтган тадбир очилишида Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен, Франция Президенти Эмманюэль Макрон, Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған, Норвегия Бош вазири Йонас Стёре сўзга чиқди.
Ўзбекистон делегацияси раҳбари Бахтиёр Саидов ўз нутқида табиий офатлардан жабр кўрган аҳолини қўллаб-қувватлаш, талафотлар кўрган инфратузилмани ва қишлоқ хўжалигини тиклаш масалаларига жаҳон ҳамжамиятининг устувор вазифалари сифатида эътибор қаратди.
Форум иштирокчиларига республикамизда амалга оширилаётган экологик дастурлар, хусусан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Яшил макон” кенг кўламли ташаббуси тўғрисида маълумот тақдим қилинди. Орол денгизининг қуриши муаммосига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Мамлакатимизда экологик офат оқибатларини юмшатиш, Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудига айлантириш бўйича амалга оширилаётган тизимли ишлар хусусида маълумот берилди.
Шунингдек, Ўзбекистон ТИВ раҳбари ташриф давомида БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Шаҳбоз Шариф, ушбу мамлакат ташқи ишлар вазири Билавал Бхутто-Зардорий, Қатар ташқи ишлар бўйича давлат вазири Султон бин Саад Ал-Мурейҳий, Бирлашган Араб Амирликлари атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазири Марям Мҳеирий, Ислом тараққиёт банки Президенти Муҳаммад Сулаймон ал-Жассир, Осиё инфратузилма инвестициялари банки вице-президенти Константин Лимитовский билан икки томонлама учрашувлар ўтказди.