Аҳоли бандлигини таъминлаш йўналишлари белгиланди
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 15 декабрь куни ҳудудларда энергия таъминотини яхшилаш, аҳоли бандлигини ошириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Давлатимиз раҳбари аввало сўнгги кунларда кузатилган энергия таъминотидаги муаммоларга тўхталди. Охирги олти йилда 5 минг мегаваттдан ортиқ янги электр қуввати яратилгани қайд этилди. Қиёс учун: аввалги 25 йилда 3,5 минг мегаватт қувватлар ишга тушган.
Шунингдек, 45 минг километр электр тармоғи ва 13 мингдан ортиқ трансформатор янгиланган. Бу ҳам аввалги йилларга нисбатан 3-4 баравар кўп. Суюлтирилган газ ва кўмир ишлаб чиқариш ҳажми эса 1,5 баравар ошган.
Лекин, бир ҳафта бўлган совуқда энергетика соҳаси масъуллари, ҳокимлар ва сектор раҳбарлари қуйи тизимда ишни ташкил этмагани кўриниб қолди. Халқ шундай қийналган вазиятда ҳам электр ва табиий газ тармоқларида ўғирликлар бўлаётгани кескин танқид қилинди.
Йиғилишда бундай камчиликларга йўл қўйган мутасаддиларга интизомий чоралар кўрилди.
– Энергия таъминотидаги бугунги вазият тармоқ ва ҳудуд раҳбарлари учун катта сабоқ бўлиши лозим. Соҳа корхоналари тизимли ишлаши керак. Биронта маҳаллада одамлар норози бўлмаслиги зарур, – деди Шавкат Мирзиёев.
Бош вазирнинг биринчи ўринбосари бошчилигида энергетика тизими раҳбарлари икки ой фавқулодда тартибда ишлаши белгиланди. Вилоят ҳокимларига иссиқлик таъминоти корхоналарига бориб, аҳолига хизмат сифатини яхшилаш, энергия сарфи ва йўқотишларни камайтириш вазифаси қўйилди.
Йиғилишда аҳолини даромадли меҳнат билан банд қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, йил бошидан буён тадбиркорлик, саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш каби соҳаларда 2 миллион аҳолининг доимий бандлиги таъминланди. Шунингдек, 4 миллиондан зиёд аҳоли мавсумий меҳнат орқали даромадли бўлди.
Ҳудудларда корхоналар 85 мингтага кўпайиб, уларнинг сони 550 мингтага етди. Бунинг ҳисобига, 2022 йилда даромад солиғи тўлаётган расмий банд бўлганлар сони 400 мингтага ошиб, 5 миллион 100 мингтани ташкил этди.
Саноат соҳасида 3 минг 500 та лойиҳа бажарилиб, 160 мингта доимий иш ўрни яратилди. Маҳаллалардаги 35 мингта кичик лойиҳа доирасида 175 минг, қурилиш соҳасида 135 минг киши даромад манбаига эга бўлди.
79 та фаолият тури бўйича ўзини ўзи банд қилиш имконияти яратилгани натижасида бу йил 914 минг нафар фуқаро рўйхатдан ўтди. Уларнинг сони 2 миллионга яқинлашди.
Йиғилишда соҳадаги камчиликлар ҳам таҳлил қилинди. Хусусан, бу йил доимий бандлар сони Китоб, Косон, Мирзаобод, Нарпай, Нишон, Фурқат туманларида камайган. Хусусий секторда фаолият кўрсатаётган 232 мингта корхонада ишчилар сони бор-йўғи 1 нафарни ташкил қилади. Саноат ишлаб чиқариш ҳажми 15 та туманда пасайган. Аҳолига тарқатиш учун белгиланган 100 минг гектар ернинг 4 минг гектарида экин экилмаган.
Булардан келиб чиқиб, ҳокимларга қатор топшириқлар берилди.
Келгуси йилги вазифалар муҳокама қилинар экан, давлатимиз раҳбари тўртта асосий йўналишни кўрсатиб ўтди.
Биринчи йўналиш – пахта ва ғалладан бўшаган 100 минг гектарни аҳолига бўлиб бериш. Бу орқали 600 минг аҳолини доимий иш ва 900 минг кишини мавсумий даромад билан таъминлаш мумкин.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш, саралаш ва қайта ишлаш бўйича 600 дан зиёд лойиҳа амалга оширилади. Халқаро молия ташкилотларидан жалб қилинадиган 400 миллион доллар ҳам кўпроқ иш ўрни яратадиган лойиҳаларга йўналтирилади.
Пилла етиштирувчиларнинг манфаатдорлигини ошириш мақсадида бу соҳа ҳам эркинлаштирилади. Энди пилла аҳолидан жаҳон биржаларидан кам бўлмаган нархда харид қилинади. Бу камида 500 минг аҳолини банд қилиб, даромадини 2-3 баравар ошириш имконини беради.
Иккинчи йўналиш – тадбиркорликни ривожлантириш. Бунинг учун ишсизлик кўп бўлган мингта маҳалла учун микро-марказлар ташкил этилади. Ҳудудлардаги 255 та марказий ва 274 та маҳаллалараро кўчалар савдо-хизмат кўчаларига айлантирилади. Автомобиль йўллари бўйида 3 мингдан ортиқ ер майдонларини аукционга чиқариш ҳам сервис соҳасида янги иш ўринлари учун катта имконият бўлади.
Шу боис тадбиркорлик учун бўш ерлар ва объектларни савдога чиқариш бўйича топшириқ берилди.
Учинчи йўналишда саноат соҳасидаги имкониятлар кўрсатиб ўтилди. Хусусан, 8 миллиард долларлик 300 та йирик лойиҳа, саноат зоналарида 16 триллион сўмлик 1 минг 300 та лойиҳа натижасида юқори даромадли иш ўринлари пайдо бўлади. 536 та норуда кон аукцион орқали сотилиб, қурилиш материаллари соҳасида янги корхоналар ишга туширилади.
Умуман, инвестиция лойиҳалари ва маҳаллий саноатда жами 320 минг доимий иш ўрни яратиш мумкинлиги таъкидланди.
Тўртинчи йўналиш – қурилиш соҳаси. Келгуси йили барча лойиҳалар доирасида 90 минг хонадонли уй-жойлар барпо этилиши мўлжалланган. Президент қурилиш соҳасида ишга қабул қилиш бўйича меҳнат шартномаларини соддалаштириш зарурлигини айтди. Бу норасмий сектордаги ишчиларнинг қонуний фаолиятга ўтишига йўл очади.
Йиғилиш якунида Бош вазир ўринбосарлари, вазирлар ва ҳокимлар белгиланган вазифалар ижросини ташкил этиш юзасидан ахборот берди.