Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ходимларига
Қадрли юртдошлар!
Ҳурматли деҳқон ва фермерлар, аграр соҳа ходимлари!
Муҳтарам фахрийлар!
Меҳнат мавсуми охирлаб, соҳадаги ишлар сарҳисоб қилинаётган мана шу қутлуғ дамларда сиз, азизларни, сизлар орқали бутун халқимизни бугунги касб байрамингиз – Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Ушбу шукуҳли айёмда, аввало, ҳалол пешона тери, фидокорона меҳнати билан ердан ноз-неъмат ундириб, ҳаётимизга қут-барака, файзу қувонч олиб кирадиган миришкор деҳқонларимиз, барча соҳа ходимларига энг эзгу тилакларимизни билдирамиз.
Биз сизларнинг тимсолингизда ҳар қандай мураккаб шароитда ҳам ўз касби ва бурчига содиқ қолиб, эл-юртимизга сидқидилдан хизмат қилиб келаётган заҳматкаш, мард ва олижаноб инсонларни кўрамиз.
Айниқса, бутун дунёда иқлим ўзгариб, ер ва сув ресурслари борасида ҳам турли муаммолар кўпайиб бораётган ҳозирги вақтда ҳақиқий матонат ва жасорат, омилкорлик фазилатларини намоён этиб, барча қишлоқ хўжалиги экинларидан мўл ҳосил етиштириб келаётганингиз юксак таҳсин ва тасанноларга муносибдир.
Шу маънода, бозор ва дўконларимиздаги тўкинлик ва арзончилик, шаҳар ва қишлоқларимиз, хонадонларимиз ободлигида сизларнинг ҳиссангиз беқиёс, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Азиз дўстлар!
Кейинги йилларда мамлакатимизда барча соҳа ва тармоқлар қатори қишлоқ хўжалигида ҳам туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда инсон қадри ва манфаатларини таъминлаш устувор вазифа сифатида биринчи ўринга қўйилмоқда.
Бу ҳақда сўз юритганда, бошоқли дон етиштириш ва харид қилишнинг янги тизими жорий этилиб, деҳқонларимизнинг омборлари донга, рўзғори қут-баракага тўлаётгани, аграр соҳани молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида халқаро имтиёзли кредитлар ажратилгани, маҳсулот етиштириш, суғориш, уруғ ва кўчат сотиб олиш билан боғлиқ харажатлар субсидия ҳисобидан қоплаб берилаётганини таъкидлаш лозим.
Ўзбек пахтасига жорий этилган бойкот бекор қилиниб, тўқимачилик соҳасидаги йирик брендлар мамлакатимиз пахта бозорига қайтмоқда.
Деҳқон хўжаликларини ривожлантириш учун жорий йилда 100 минг гектар пахта ва ғалла майдонлари қисқартирилиб, очиқ электрон аукцион орқали аҳолига тарқатилди. Бунинг ҳисобидан 420 мингдан ортиқ янги хўжалик ташкил этилиб, 1 миллион 200 минг дан ортиқ доимий ва мавсумий иш ўринлари яратилгани айниқса муҳим аҳамиятга эга.
Ҳеч шубҳасиз, дунёда озиқ-овқат тақчиллиги тобора ортиб, минтақамизда чўллашиш жараёни кучайиб бораётгани қишлоқ хўжалиги ходимлари олдига ҳам долзарб вазифалар қўймоқда.
Биз соҳани барқарор ривожлантириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида аграр тармоқда бошлаган ислоҳотларимизни изчил давом эттирамиз. Хусусан, қишлоқ хўжалигида сув таъминотини яхшилаш, сув хўжалиги инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича йирик лойиҳаларни бошлаймиз.
Пахтачилик ва ғаллачиликда бозор тамойилларини кенг жорий этиш, илмий асосда маҳсулот етиштириш, фермер ва деҳқонлар манфаатдорлигини ошириш чоралари кучайтирилади.
Шу билан бирга, маҳаллий шароитга мос, арзон қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқариш, уларни фермер ва деҳқонларимизга имтиёзли шартларда етказиб бериш, субсидиялар ажратиш ва қўшимча молиялаштириш имкониятлари кенгайтирилади. Қишлоқ хўжалигида хизмат кўрсатиш сифати ва даражасини ошириш, амалиёт ва илм-фан интеграциясини мустаҳкамлаш масалалари ҳам эътиборимиз марказида бўлади.
Маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш, бандликни таъминлаш мақсадида бошланган ижобий тажриба давом эттирилиб, деҳқон хўжаликлари ташкил этиш учун қўшимча 100 минг гектардан ортиқ ер аҳолига тарқатилади.
Қадрли юртдошлар!
Мана шу қувончли айёмда ўзининг фидокорона меҳнати, бой билим ва тажрибаси билан мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги ривожини янги босқичга олиб чиқишга муносиб ҳисса қўшиб келаётган деҳқон ва фермерларимиз, агрокластерлар раҳбарлари ва ходимларига, соҳада меҳнат қилаётган барча ватандошларимизга ўз номимдан, бутун халқимиз номидан чуқур миннатдорлик билдираман.
Сизларни бугунги қутлуғ байрам билан яна бир бор табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт-саодат, эзгу фаолиятингизда улкан ютуқлар тилайман.
Доимо меҳнатингизнинг роҳатини кўриб юринг!
Ҳеч қачон кам бўлманг, азизларим, қадрдонларим!
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти