Гуанчжоуда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар экспорти учун қўшимча платформа яратилди
Жорий йил 6 декабрь куни Ўзбекистон Республикасининг Гуанчжоу шаҳридаги Бош консулхонаси томонидан Жанубий Хитой ҳудудидаги 400 дан ортиқ йирик импортёрларни ўз ичига олган Озиқ-овқат маҳсулотлари импорти уюшмаси Guangdong Imported Food Association (IFA) билан маҳаллий маҳсулотларимиз экспорт ҳажмини ошириш мақсадида 20 дан ортиқ маҳаллий экспортчи компанияларимиз иштирокида онлайн семинар-тренинг ўтказилди.
Маълумот учун. IFA 2016 йилда ташкил этилган бўлиб, Хитойда провинциялар даражасидаги йирик озиқ-овқат импорти ташкилоти ҳисобланади. Жанубий Хитойда хорижий ресурсларни маҳаллий маркетинг каналлари ва савдо тармоқларига улаш ва учинчи томонга қўшимча қийматли хизматларни тақдим этиш бўйича профессионал ташкилот ҳисобланади.
Тадбирда, Бош консул Отабек Валиев хорижий томонни мамлакатимиз савдо-иқтисодий имкониятлари, инвестиция салоҳияти, ҳамда тадбиркорлик учун яратилган қулай шарт-шароитлар билан яқиндан таништирди.
Сўнгги йилларда икки мамлакат раҳбарлари ўртасидаги мунтазам учрашувлар ва олиб борилаётган очиқ прагматик сиёсат барча бизнес вакилларига кенг йўл очиб бераётганлиги таъкидланди.
Тадбир давомида Ўзбекистон экспортчилар уюшмаси ва Guangdong Imported Food Association ўртасида ўзаро ҳамкорлик битими имзоланди. Хужжатни Ўзбекистон экспортчилари уюшмаси раиси Ё.Маликов ва IFA президенти В.Чи имзоладилар.
Ушбу келишув орқали, томонлар иштирокида мамлакатимиз экспортчи корхоналарига Хитой худудлари импортёрлари билан ўзаро алоқаларни ўрнатиш ва Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган ва қайта ишланган маҳсулотлар экспорти ҳажмини оширишга яна бир қулай платформа яратилди.
IFA президенти В.Чи ўз чиқишида хитой томони Ўзбекистон экспортчилари уюшмаси билан биргаликда B2B ва B2C тадбирларини мунтазам ўтказилишини билдирди. “Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо-иқтисодий, ҳамда маданий ҳамкорликни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиш Уюшмамиз учун катта шарафдир” – деди В.Чи.
Семинар-тренинг давомида маҳаллий корхоналаримиз ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олдилар, ҳамда IFA таркибидаги импортёрлар билан тўғридан тўғри алоқа ўрнатиш ва жанубий Хитой ҳудудлари бўлмиш Гуандун, Фуцзянь, Гуанси, Хунан ва Хайнан провинциялари бозорларига кириш ва ўзаро манфаатли экспорт шартномалари миқдорини ошириш имконияти тўғрисида фойдали маълумотларга эга бўлдилар.