Ўзбекистон соғлиқни сақлаш соҳаси ходимларига
Ҳурматли шифокорлар!
Муҳтарам соҳа фахрийлари!
Аввало, халқимиз саломатлигини асрашдек масъулиятли ва шарафли йўлда ўзини аямасдан, фидокорона меҳнат қилаётган сиз, азизларни Тиббиёт ходимлари куни билан чин қалбимдан табриклаб, барчангизга эзгу тилакларимни изҳор этаман.
Машҳур юнон табиби Гиппократнинг: “Тиббиёт ва донишмандлик ўзаро ҳамоҳанг ва чамбарчас боғлиқдир”, деган сўзларида катта маъно бор.
Дарҳақиқат, дунёдаги энг бебаҳо бойлик, тенгсиз неъмат ҳисобланган инсон соғлиғини сақлаш, бемор кўнглида умид ва ишонч уйғотиб, уни соғлом ҳаётга қайтариш учун шифокор нафақат чуқур билим ва тажриба соҳиби, айни пайтда юксак ақл-заковат ҳамда олижаноб қалб эгаси бўлиши даркор.
Ўз ҳаётини ана шундай улуғ ва савобли ишга бағишлаб, одамларнинг дардига дармон бўлишни муқаддас бурч деб билган тиббиёт ходимларининг шаънига ҳар қанча таҳсинлар айтсак, арзийди, албатта.
Азиз шифокор ва ҳамширалар!
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ҳар бир фуқаро учун юқори сифатли ва малакали тиббий хизмат тизимини яратиш устувор вазифа сифатида белгиланиб, бу йўналишда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани сизларга яхши маълум.
“Инсон қадри учун” деган эзгу тамойилни жамиятимиз ҳаётида тўла рўёбга чиқариш мақсадида кейинги вақтда юртимизда соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан мунтазам учрашиб, олдимизда турган вазифалар ва долзарб муаммоларнинг ечимлари ҳақида фикрлашиб олиш ибратли анъанага айланди.
Жорий йилда сизлар билан ўтказилган мулоқотларимиз ҳам ҳар томонлама фойдали бўлди. Бунинг натижасида 2022 йилда соҳага оид йигирмадан зиёд қонун, фармон ва қарорлар ҳамда бошқа зарур меъёрий ҳужжатлар қабул қилиниб, ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда.
Бугунги кунда сизларнинг фаол саъй-ҳаракатингиз билан тиббиёт хизмати бевосита маҳаллаларга, ҳар бир юртдошимизнинг хонадонига кириб бормоқда. Юқори малакали шифокорлар, олим ва мутахассислар жойларга чиққан ҳолда, оғир хасталиклардан азият чекаётган беморларнинг саломатлигини тиклашга муносиб ҳисса қўшмоқда.
Бу йил ҳудудлар бўйлаб ўтказилган саломатлик акциялари давомида юртдошларимизнинг 210 минг нафари амбулатор ва 65 минг нафари стационар шароитда соғломлаштирилгани салмоқли натижалардан бири бўлди. Биз бундай эзгу ва хайрли ишларни келгусида ҳам изчил давом эттирамиз.
Инсон ҳаёти ва саломатлигини асраб-авайлашдек ғоят муҳим вазифани адо этишда бирон-бир масалани эътибордан четда қолдириш, муаммоларнинг ечимини пайсалга солиш мумкин эмаслигини барчамиз яхши англаймиз.
Шу сабабли, тиббиёт соҳасини ривожлантириш жараёнида, аввало, бу борадаги мавжуд муносабат ва ёндашувларни тубдан ўзгартириб, “инсон – жамият – давлат” тамойилини ҳаётга жорий этиш устувор масала бўлиб қолмоқда.
Шу мақсадда тиббиётнинг бирламчи бўғинини кучайтириш, айниқса, қишлоқ ва маҳаллаларда тиббий хизматни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга алоҳида аҳамият қаратмоқдамиз.
Хусусан, биргина 2022 йилда жойларда 100 дан зиёд оилавий шифокорлик пункти, поликлиникалар ҳамда олис ва чекка ҳудудларда 1000 дан ортиқ маҳалла тиббиёт пунктлари ташкил этилди. Натижада қўшимча равишда яна 3,5 миллион аҳолини бирламчи тиббий хизмат билан қамраб олишга эришилди.
Оилавий шифокорлар томонидан аҳолига бепул тарқатиладиган 70 хилдаги дори-дармонлар учун маблағлар ҳажми ўтган йилга нисбатан 3 баробарга оширилди. Бирламчи тиббиёт муассасалари замонавий ультратовуш, электрокардиограмма ускуналари, стоматологик ва жарроҳлик тўпламлари билан жиҳозланмоқда.
Оилавий поликлиникаларда кундузги даволаш ўринлари ташкил этилиши натижасида 740 минг киши шифохонага бормасдан, бевосита ўзи истиқомат қилаётган маҳаллада муолажа олиш имкониятига эга бўлди.
Мамлакатимизда хусусий тиббиёт муассасаларини ривожлантириш мақсадида ушбу клиникаларга солиқ ва божхона имтиёзлари берилиб, мажбурий туристик йиғимлар бекор қилинди ҳамда давлат маблағлари ҳисобидан тиббий хизмат кўрсатишга рухсат этилди.
Саломатлик посбонларининг оғир ва масъулиятли меҳнатини муносиб қадрлаш, уларнинг ўз касбидан манфаатдорлигини ошириш масаласи ҳам давлатимизнинг доимий эътибор марказида турибди.
Яқинда соҳа ходимларининг ойлик маоши 30 фоизгача оширилиб, иш самарадорлиги ва натижасига қараб табақалаштирилган рағбатлантириш ҳамда устама тўловлари жорий этилгани ҳам бу йўлдаги муҳим қадам бўлганини қайд этиш лозим.
Соғлиқни сақлаш тизимида эришилаётган ижобий натижалар билан бир қаторда, ҳали олдимизда бажаришимиз зарур бўлган вазифалар ҳам етарли эканини барчамиз яхши тушунамиз.
Бу ҳақда гапирганда, тиббиёт тизимини ривожлантириш йўлида бошланган ва халқимиз саломатлигини асрашда муҳим аҳамиятга эга бўлган қуйидаги масалаларни таъкидлаб ўтиш ўринли, деб ўйлайман.
Бугунги кунда беморларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда уларнинг танловига ҳурмат билан қараш зарурлигини ҳаётнинг ўзи тақозо қилмоқда.
Ана шу заруратдан келиб чиқиб, бундан буён тиббиёт тизимини “маблағни бевосита беморга сарфлаш” тамойили асосида молиялаштиришга алоҳида эътибор қаратилади. Яъни, маблағлар тиббиёт муассасаларига умумий тарзда эмас, балки даволанган беморларга сарфланган харажатлардан келиб чиққан ҳолда йўналтирилади.
Аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини мустаҳкам қарор топтириш, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, ҳар бир фуқаронинг соғлиғини асраб-авайлаш, уларни малакали тиббий хизмат билан тўлиқ қамраб олиш масалалари бундан буён ҳам устувор вазифамиз бўлиб қолади.
Ҳурматли тиббиёт ходимлари!
Соғлиқни сақлаш соҳасини тезкор ва самарали, халқчил тизимга айлантириш йўлидаги ислоҳотлар жараёнида сизлар ўз зиммангиздаги масъулиятни шараф билан адо этиш учун бор билим ва маҳоратингиз, салоҳият ва тажрибангиз, азму шижоатингизни намоён этишингизга ишонаман.
Фурсатдан фойдаланиб, барчангизни касб байрамингиз билан яна бир бор табриклаб, келгуси фаолиятингизда улкан муваффақиятлар, оилавий бахт-саодат, хонадонларингизга қут-барака тилайман.
Ҳамиша соғ-омон бўлинг, азиз шифокорлар!
Шавкат МИРЗИЁЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти