Ўзбекистон Президенти ва Покистон Бош вазири Трансафғон темир йўли лойиҳасини илгари суриш масаласини кўриб чиқдилар
ОҲИЧК саммити доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф бошчилигидаги делегация билан музокара ўтказди.
Аввал эришилган келишувларга мувофиқ икки мамлакат ўртасидаги амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Ўзбекистон ва Покистон етакчилари савдо-иқтисодиёт, инвестиция, инновация, транспорт-коммуникация ва маданий-гуманитар соҳалардаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик учун мавжуд салоҳият ва кенг имкониятлардан самарали фойдаланиш муҳимлигини қайд этдилар.
Афғонистонда тинчлик жараёнига ва ижтимоий-иқтисодий тикланишга кўмаклашиш мақсадида “Термиз – Мозори-Шариф – Кобул - Пешовар” темир йўлини қуриш бўйича стратегик лойиҳани амалга ошириш истиқболлари батафсил муҳокама қилинди.