Сирдарё вилоятини ишсизлик йўқ ҳудудга айлантириш бўйича ташаббус бошланди
Президент Шавкат Мирзиёев қишлоқ хўжалигидаги ишлар ҳолати, аҳоли ҳаёти билан танишиш мақсадида 6 октябрь куни Сирдарё вилоятига келди.
Бу йил вилоятда 75 минг гектар майдонда пахта етиштирилди. Айни пайтда қарийб 80 минг гектар ерга ғалла экилмоқда.
Давлатимиз раҳбари Сирдарё туманидаги “Арслон бобо” ва “Омонбой ўғли Тугал” фермер хўжаликлари даласини кўздан кечирди.
“Арслон бобо” фермер хўжалигининг ер майдони 90 гектар бўлиб, бу йил ғалладан 80 центнердан ҳосил олинган. Ҳозир пахта терими авжида. Шунингдек, картошка, мош, сабзи, пиёз каби такрорий экинлар ҳам етиштирилиб, бозорга қўшимча маҳсулот чиқарилмоқда.
“Омонбой ўғли Тугал” фермер хўжалиги 62 гектарда деҳқончилик қилади. Бу ерда ҳам ғалла ҳосилдорлиги 80 центнер бўлган. Кўсак сони ва теримнинг боришига қараганда, пахтанинг ҳам “чўғи баланд”.
Бу қўшни хўжаликларда ерлар лазерли ускуна ёрдамида текислангани натижасида сув аввалгига нисбатан 30-40 фоиз тежалмоқда, суғориш вақти ҳам қисқарган. Насослар қуёш панеллари қувватида ишлайди. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида дала четларига тут, ток, қоратол ва бошқа кўчатлар экилган.
Президентимиз шу ерда сирдарёлик фермерлар, нуронийлар билан суҳбатлашди.
- Халқимиз «меҳр кўзда» деганидек, сизлар билан кўришиб, ҳорманглар деб келдим, - деди Шавкат Мирзиёев. - Адолатли ҳакам бўлса, айтиш мумкинки, Сирдарёда ҳам ўзгариш бўлаяпти. Лекин замон шундай шиддат билан ўтаяптики, одамларнинг ниятлари илгарилаб кетяпти. Шунга яраша шароит яратиш, халқимиз талабини қондириш учун янги-янги режалар қилишимиз керак. Бугун азиз Сирдарё аҳлига раҳмат айтиш билан бирга, эришилаётган натижалар бардавом бўлиши учун, туманларнинг, одамларнинг бири икки бўлиши учун зарур йўналишларни белгилагани келдик.
Фермерлар қишлоқ хўжалигида имкониятлар кенгайиб, манфаатдорлик ошгани, мажбурий меҳнат тугатилгани, қўшимча маҳсулотлар етиштирилаётганини айтишди.
- Ер - халқимиз ризқ-рўзи манбаи. Бир пайтлар пахта майдонидан бир гектар ажратиш жиноят эди, такрорий экин эккан таъқиб қилинарди. Мана, ҳозир 80 минг гектар пахта ва ғалла майдонларини аҳолига бердик, ҳали яна берамиз. Улардан олинган маҳсулот ҳам халқимизники-ку. Бозорга маҳсулот, оилаларга даромад бўлади-ку. Бугун республикадан келган раҳбарлар ва ҳокимлар яна 7,5 минг гектар ер ажратилса, Сирдарё вилоятида ишсизликни йўқ қилиш бўйича таклиф бераяпти. Мен буни, албатта, қўллаб-қувватладим, - деди Президент.
Давлатимиз раҳбари шу ерда деҳқончилик қилаётган ёшлар билан ҳам суҳбатлашди. Улар мазкур фермер хўжаликлари даласидан 0,5 гектардан ер олиб, мош, сабзи, пиёз, саримсоқпиёз етиштираётганини сўзлаб беришди. Бундан олган даромади ҳисобидан университетда ўқиш, уйини бутлаш режаларини маълум қилишди.
Президентимиз Сайхунобод туманидаги “Шукроналик мўжизалари” фермер хўжалиги даласида ҳам бўлди.
Хўжаликнинг умумий ер майдони 70 гектар. Жорий йилда 25 гектарга пахта, 45 гектарга ғалла экилди. Ҳосилдорлик меҳнатга яраша – юқори.
Мамлакатимизда қайси маҳсулот кўпроқ даромад келтирса, ўшани экишга эътибор ортаётгани ҳам қишлоқ хўжалигида яхши самара бермоқда. Бу фермер хўжалиги ҳам ғалладан бўшаган майдондан яхши даромад олади. Хусусан, бу йил 45 гектар майдонга такрорий экин сифатида мош экилган. Хўжалик фаолияти билан танишув чоғида ушбу экинни етиштириш бўйича чет эл тажрибасини ўрганиш, ҳосилдорликни ошириш учун илмий асосланган ёндашувларни қўллаш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Шу ерда қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари ва мутасаддилари билан мулоқот бўлди. Давлатимиз раҳбари инновация ва нав эвазига ҳосилдорликни ошириш, сувдан оқилона фойдаланиш ва ҳисобини юритиш зарурлигини таъкидлади. Фермер ва ишчиларнинг маиший шароитларини яхшилаш, хусусан, улар учун кичик, арзон уйлар қуриш бўйича кўрсатма берилди.