Юртимиз муҳим саналари ватандошлар билан Гуанчжоуда кенг нишонланди
Жорий йилнинг 8 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қабул қилинганининг 30 йиллик байрамини кенг нишонлаш мақсадида Хитойнинг Гуандун провинциясидаги 24 нафар ватандошлар иштирокида маданий-маърифий тадбир ўтказилди.
Тадбирда, шунингдек, жорий йил 18 ноябрь куни мамлакатимиз давлат байроғи ва 10 декабрь давлат мадҳияси қабул қилинганининг 30 йиллик байрами ҳам кенг нишонланди.
Ўзбекистон Республикасининг Гуанчжоу шаҳридаги Бош консули Отабек Валиев томонидан, мамлакатимиз Раҳбарининг ж.й. 7 декабрь куни Ўзбекистон халқига йўллаган табриги, байроқ ва мадҳиямиз, мамлакатимизда олиб борилаётган барча йўналишлардаги ислоҳотлар ва Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг юзасидан иштирокчиларига атрофлича маълумот етказилди.
Шу кунларда мамлакатимизда Асосий қонунимизга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича давом эттирилаётган муҳокамалар, ҳамда конституциявий ислоҳотларни мазмуни, билдирилаётган талаб, истак ва таклифларни инобатга олган ҳолда Янги Конституция референдум йўли билан қабул қилиниши таъкидланди.
Бугунги кунда, халқаро миқёсда “Янги Ўзбекистон” деган ибора кенг эътироф этилаётгани, шунингдек, хорижда яшаб меҳнат фаолиятини олиб бораётган, таҳсил олаётган ўз Она юртини севучи Ватандошлармиз орқали ҳам Ватанимизнинг халқаро майдондаги нуфузи ва обрў-эътибори тобора ортиб бораётганлигига алоҳида урғу берилиб, Янги Ўзбекистон ва ҳалқимизнинг равнақи йўлида тадбир иштирокчилари ҳам фидоий, фаол ва ташаббускор бўлишларига даъват этилди.
Мамлакатимиз Раҳбари бошчилигида яқинлашиб келаётган янги – 2023 йил учун аниқ дастур ва режаларни белгиланаётганлиги ва бу йўналишда Бош консулхонага бириктирилган провинцияларда яшовчи барча ватандошларимиз билан биргаликда ТИВ ва ваколатхона янги ғоя ва лойиҳаларни мамлакатимиз равнақи йўлида биргаликда амалга оширишга тайёрлиги таъкидланди.
Тадбир сўнгида, Гуанчжоу шаҳридаги тил ўргатиш маркази мутахассиси ватандошимиз Нигора Мамараимова асосий қомусимизга бағишланган шеърни ўқиб берди, ваколатхона ходимлари ва тадбир иштирокчилари ўртасида миллий дастурхон атрофида самимий мулоқот уюштирилди.